Медиа вакиллари ва блогерлар учун гендер-сезгир мавзуларни ёритиш бўйича қўлланма
МУНДАРИЖА
1 боб. ГЕНДЕР ВА ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ
1.1. Гендер тушунчаси. «Гендер» ва «жинс»
1.2. Гендер тенглиги
2 боб. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ГЕНДЕР ВА ГЕНДЕР СИЁСАТИ
2.1. Ўзбекистон Республикасида гендер сиёсати
2.2. Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва уларни қўллаш амалиёти
3 боб. ГЕНДЕР СТЕРЕОТИПЛАРИ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ
3.1. «Стереотиплар» тушунчаси. Стереотипларнинг ижобий ва салбий томонлари. Кундалик ҳаётда стереотипларнинг аҳамияти
3.2. Стереотиплар динамикаси: консервация, модификация, трансформация
3.3. Стереотипларни ўзгартиришда оммавий ахборот воситаларининг роли: бунга қандай эришиш мумкин?
4 боб. ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ
4.1. Гендер тенглиги ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш
4.2. ОАВ қизлар ва аёлларга нисбатан зўравонликни қандай ёритяпти
4.3. Гендер сезгирлик ва ОАВдаги тўғри ёндашувлар: мавзуни ишлаб чиқиш
ва лойиҳалаш босқичлари, муносиб тилни танлаш, мавзуни таърифлаш
4.4. Медиамониторинг ва оммавий ахборот воситаларининг жавобгарлиги
1 боб. ГЕНДЕР ВА ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ
1.1. Гендер тушунчаси. «Гендер» ва «жинс»
«Гендер» тушунчаси ҳам алоҳида шахс, ҳам йирик ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалаларга оид комплекс мавзуларни муҳокама қилишни ўз ичига олгани сабабли тушуниш анча қийин бўлган концепциядир. Хўш, гендерни тўғри тушуниш учун нима талаб этилади?
· «Гендер» ва «жинс» тушунчаларини фарқлаш.
Жинс - бу инсоннинг биологик ўзига хослиги, яъни эркакни аёлдан физиологик жиҳатдан ажратиб турувчи жиҳат; бу жиҳат туғма бўлади.
Гендер - бу эркак ва аёлнинг хулқ-атвори, турмуш тарзи, фикрлаш тарзи, меъёрлар, имтиёзлар, ҳаётий интилишлар ва ҳоказоларнинг белгиланган жиҳатлари ва хусусиятлари тўпламидир.
· Гендер муносабатлари маданият нуқтаи назаридан ва вақт ўтиши билан ўзгариши мумкинлигини тушуниш.
· Гендер - бу нафақат аёллар ҳуқуқлари ҳақида эканини билиш. Гендер одамларнинг роли, масъулияти, чекловлари ва имкониятларини таҳлил қилишга имкон беради, шунинг учун у ҳам аёлларга, ҳам эркакларга тегишли бўлган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий категориядир.
· Қуйидаги гендер фарқлар кузатиладиган вазиятларни тўғри тушуниш.
a) ижтимоий. Аёл ва эркакнинг ижтимоий ролларининг турлича қабул қилиниши: эркак оила бошлиғи ва асосий боқувчиси ҳисобланади, аёл эса парвариш ва ғамхўрлик қилади;
б) сиёсий. Фарқ - аёллар ва эркаклар куч ва ҳокимиятни қандай қабул қилиши ва бўлишишида: аёллар ўзнинг кундалик турмушдаги роли билан боғлиқ фаолиятда маҳаллий даражада кўпроқ иштирок этади;
c) таълим. Қизлар ва ўғил болаларнинг таълим имкониятлари ва уларга нисбатан кутилмалар ўртасидаги фарқ: оилавий ресурслар қизларнинг таълимига эмас, балки ўғил болаларнинг таълимига ажратилади. Қизлар одатий таълим йўлларидан боради.
д) иқтисодий. Аёллар ва эркакларнинг юқори маошли касбларда ишлаш, молиявий ва бошқа ишлаб чиқариш ресурслари, кредитлар ва займлар, ерни назорат қилиш имкониятидан эркин фойдалана олишдаги фарқи (Moser, 1993 й.; CEDPA, 1996 й.).
· Гендер роллари ва гендер муносабатлари нима эканини билиш.
Гендер роллар - бу аёллар ва эркакларнинг улар жинси билан боғлиқ анъанавий қарашларга асосланган хатти-ҳаракатлар намунасидир. Бу жамият томонидан одамнинг биологик жинсига қараб у риоя қилиши буюрилган ижтимоий ва маданий меъёрлар тўпламидир. Шу билан бирга, ҳар бир жамиятда ижтимоий- маданий меъёрлар маданиятдан маданиятга, цивилизациядан цивилизацияга ўзгариб боради.
Гендер муносабатлар - эркак ва аёлларнинг жамиятдаги ўзаро муносабатлари, бу муносабатлар роль ва масъулиятларнинг тақсимланишини белгилаб беради.
1.2. Гендер тенглиги
Гендер тенглигини ҳимоя қилувчи феминизм матриархатни тарғиб қилади деган нотўғри тушунча мавжуд. Бу тушунча тубдан нотўғри. Замонавий жамиятларда одатда аёллар ҳуқуқлари бузилади, шунинг учун гендер масалаларида кўпинча айнан аёллар ҳуқуқлари ҳақида сўз юритилади. Кўпинча савол туғилади: гендер тенглиги адолатдан бошқа нимани англатади?
Жаҳон банкининг 2020 йилдаги 1 «Аёллар, бизнес ва қонун» тадқиқотида қайд этилишича «Иимкониятлар тенглиги - бу яхши иқтисодиётдир». Аёллар иқтисодиётда эркаклар билан тенг равишда иштирок этувчи «тўлиқ салоҳият» сценарийсидан фойдаланганда (McKinsey тадқиқотига кўра), 2025 йилга келиб йиллик глобал ЯИМга ҳозирги вазиятга нисбатан 28 трлн АҚШ доллари (26%) қўшилади.
Шу нуқтаи назардан, қуйидагиларни билиш ва тушуниш керак:
· Гендер тенглиги - бу эркаклар ва аёллар ўз ҳуқуқ ва имкониятларини тўлиқ амалга ошириш учун жамиятда тенг мақомга ва тенг шароитларга эга бўлишидир.
ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ - БУ ФАРҚЛАР ИНОБАТГА ОЛИНГАНДА ТЕНГ НАТИЖАГА ЭРИШИШДИР.
· Гендер хабардорликни ошириш, яъни эркак ва аёллар ўртасида ижтимоий тенгсизлик мавжудлигини албатта эътироф этиш, бу тенгсизлик аёлларнинг эҳтиёж ва устуворликларини таъминлаш орқали тузатиш, шунингдек дастур ва лойиҳаларнинг аёл ва эркакларга турлича таъсир этишини таҳлил қилиш керак.
· Гендер тенглигини тўғри тушуниш учун аёллар, худди эркаклар каби, ОАВ фаолиятига оид сиёсатда иштирок этиши кераклигини англашни ўз ичига олган гендер сезгирлиги зарур. Гендер сезгирлиги - бу аёл ва эркакларнинг турли эҳтиёж, умид, имконият ва ҳиссаларини таъминлашга қаратилган сиёсат ва ташаббусларни шакллантиришга оид концепциядир.
· Гендер адолати, яъни муайян шароитларда тенгликка эришиш учун аёл ва эркакларнинг мувозанатлашган мавжудлиги ва иштироки талаб қилинади.
· Эркак ва аёлларнинг сиёсат, жамият, дастур ва лойиҳаларга қандай эҳтиёжлари борлигини билиш учун гендер таҳлили ўтказилади. Ушбу тадқиқот жинслар кесимида ўтказилиб, эркак ва аёлларнинг турли ролларини ҳисобга олади. Бундай таҳлил турли тажриба, билим, истеъдод ва эҳтиёжларни ҳисобга олиш учун зарурдир.
Гендер таҳлилининг моҳияти томонлардан бирининг позицияларини тарғиб қилиш ёки заифлаштириш эмас, балки ҳар икки жинс учун ҳам ҳар қандай оқибатларни тўлиқ очиб беришдан иборатдир. Гендер таҳлили қуйидагилардан иборат 2:
· маълумотларни жинс кесимида йиғиш;
· меҳнат тақсимоти, шунингдек, ресурс ва имтиёзлардан эркин фойдаланиш, уларни назорат қилиш даражасини аниқлаш;
· эркак ва аёлларнинг амалий эҳтиёж, чеклов ва имкониятларини тушуниш
· эркаклар ва аёлларнинг стратегик манфаатлари билан боғлиқ янада кенг қамровли чеклов ва имкониятларни аниқлаш;
· эркак ва аёллар ўртасидаги тенгликни тарғиб қилувчи ташкилотлар салоҳияти ва имкониятларини ривожлантириш.
2 боб. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ГЕНДЕР ВА ГЕНДЕР СИЁСАТИ
2.1. Ўзбекистон Республикасида гендер сиёсати
Сўнгги йилларда мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлашга қаратилган 25 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, 2 та қонун, Президентнинг 20 дан ортиқ фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари қабул қилинди. 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида гендер тенглигига эришиш стратегияси - давлат гендер сиёсатидаги муҳим қадамдир. Ушбу стратегия доирасида ҳукумат қуйидагиларни режалаштирмоқда:
· Ўзбекистон қонунчилигини гендер баҳолаш, барча қонунларнинг ишлаб чиқиш босқичида мунтазам гендер баҳоланишини жорий этиш;
· барча соҳаларда, хусусан, иқтисодиётнинг (саноат, энергетика, транспорт, қурилиш, АКТ ва молия каби) ноанъанавий тармоқларида гендер бюджетлаштиришни босқичма-босқич жорий этишни амалга ошириш;
· аёлларнинг ноанъанавий тармоқларда иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳнат бозори талабининг гендер таҳлилини ўтказиш, асосий ташкилот ва идораларнинг аёл ва эркаклар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тармоқ бюджетларини шакллантириш, шунингдек, тармоқларнинг гендер бўйича ажратилган маълумотларини миллий статистикага киритиш борасидаги салоҳиятини ошириш.
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг 3 69-мақсади хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган ва қуйидагиларни назарда тутади:
· Жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш.
· Гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга ошириш.
· Хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш.
• Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий- ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш.
· Турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш.
· Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш.
· «Аёллар дафтари» билан манзилли ишлаш, мутасадди ташкилотлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.
2.2. Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва уларни қўллаш амалиёти
Инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми сифатида аёллар ҳуқуқлари масаласи биринчи марта БМТ томонидан 1979 йилда қабул қилинган «Хотин- қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенцияда кўтарилган. Халқаро ҳамжамият уларнинг ҳуқуқий таъминоти билан шуғуллана бошлади - дунёдаги барча мамлакатларда ҳам жинс тенглиги ғоялари қонуний расмийлаштирилмаган.
Ўзбекистон аёллар ҳуқуқларини халқаро меъёр ва ҳуқуқий стандартларга мувофиқ таъминлаш мақсадида инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив баённомаларига қўшилган. Улар орасида «Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенция (ХКББК), Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция бор.
Таъкидлаш жоизки, «Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенциянинг 5-моддасида иштирокчи давлатлар «жинслардан бирининг устунлиги ёки эркак ва аёлларнинг стереотипик роллари ғоясига асосланувчи қарашлар, урф-одатлар ва бошқа барча амалиётларни бекор қилишга эришиш мақсадида эркак ва аёллар хулқ-атворининг ижтимоий ва маданий шаклларини ўзгартириш» 4 учун барча тегишли чораларни кўришлари кераклиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида аёллар ҳуқуқлари қандай белгиланган?
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
· Конституциянинг 18-моддасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгиланган.
· Конституциянинг 46-моддасида «аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқларга эга» экани назарда тутилади.
· Конституциянинг 63-моддасида аёлларнинг оиладаги ҳуқуқлари ва уларнинг мажбурий никоҳдан ҳимояланиш бўйича ҳуқуқлари борасида қуйидагилар белгиланган: «Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади». Бундан ташқари, бошқа бир неча моддада эр ва хотиннинг никоҳ ва фарзандлар борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари тенг экани кўрсатилган.
Оила кодекси
· 53-моддага мувофиқ мажбурий никоҳ ноқонуний ҳисобланади.
· 2, 3, 4, 9 ва 19-моддаларда оилавий муносабатларда эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқли экани назарда тутилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4296-сон Қарорида 2019 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида эркак ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган.
Сайлов кодекси
· 3-моддада Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилиши назарда тутилган.
· 4-моддада фуқаролар жинсидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эга экани таъкидланган.
· 70-моддада аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши кераклиги белгиланган.
02.09.2019 йилда қабул қилинган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун
Қонун «оиладаги зўравонлик» тушунчаси билан боғланиб қолмай, кундалик ҳаётда, иш жойида, таълим муассасалари ва бошқа жойларда аёлларни таъқиб ва зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишидаги муносабатларни тартибга солади.
Унда бир қатор тушунчаларнинг қисқача таърифи берилган, жумладан, «тазйиқ», «зўравонлик», «руҳий зўравонлик», «жисмоний зўравонлик», «жинсий зўравонлик», «иқтисодий зўравонлик», «тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи», «ҳимоя ордери» ва бошқалар; шунингдек, зўравонлик қилишга мойил ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг хатти-ҳаракатларини ўзгартириш чораларини кўришни назарда тутади, бунинг учун мақсадли дастурни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш режалаштирилган.
Бу йўналишда қуйидагиларни билиш керак:
· Зўравонликдан жабрланган шахс ҳимоя ордерини олиш ҳуқуқига эга бўлиб, ушбу ордер тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояланиш учун давлат ҳимоясини тақдим этади, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан «Хотин- қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига олиб келади.
· Агар ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш чоғида Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланса, ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материаллари жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилади.
· Зўравонлик факти мавжуд бўлган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг талаби бўйича бошпана бериш тўғрисида қарор қабул қилинади, махсус марказга ўттиз кунгача бўлган муддатга жойлаштириш таъминланади. Зарурат бўлган тақдирда бу муддат узайтирилади.
· Зўравонликдан жабрланувчи махсус марказга жойлаштирилган тақдирда, унинг иш жойи сақлаб қолинади, жабрланувчининг махсус марказда бўлиш вақти таълим муассасасидаги машғулотларни ўтказиб юборганлиги сабабли уни ўқишдан четлатиш учун асос бўлмайди.
Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодекси
· Ўзбекистон Жиноят кодексида ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш (103- модда); ўзини ўзи ўлдиришга ундаш (103'-модда); қасддан баданга шикаст етказиш ( 104-105 , 109-моддалар); қийнаш (110-модда); ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш (112-модда); номусга тегиш (118-модда); жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (119-модда); аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш (136- модда); туҳмат (139-модда); ҳақорат қилиш (140-модда); фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш (141-модда) учун жазо белгиланган. Одатда, оилада зўравонлик қилган шахслар юқорида кўрсатилган моддалар бўйича жавобгарликка тортилади.
Қонунчиликни қўллаш масалалари
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жиноятчиликнинг олдини олиш Бош бошқармаси маълумотларига кўра 5 , 2022 йил январь ойидан август ойи охиригача мамлакат бўйлаб хавфсизлик идораларига аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳақида 32 783 та шикоят келиб тушган.
Гендер зўравонлигидан жабрланганларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун жами 32 783 та ҳимоя ордери берилган.
Бу рақамлар жамиятдаги зўравонлик муаммосининг кўламини кўрсатади. Бироқ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 66-1-моддасига кўра жиноят содир этган шахс, соғлиқ ёки жинсий эркинликка зарар етказса, жабрланувчи билан ярашиш муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинади. Кўпинча, амалда, оиладаги зўравонлик ҳолатларида, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳам томонларни яраштириш кенг тарқалганини кузатиш мумкин. ИИВ маълумотларига кўра, 2020 йилда 4 086 та ва 2021 йилда 17 012 та оила яраштирилган. 2022 йилда 16 000 дан ортиқ оила яраштирилган, оилавий зўравонликдан жабрланганларга ҳимоя ордери бериш натижасида 14 000 дан ортиқ можаро ҳал қилинган 6 .
Қуйидиларни тушуниш керак:
· Ушбу амалиёт ҳали ҳам шубҳали бўлиб қолмоқда ва кўплаб саволлар туғдиряпти, чунки томонларни яраштириш ва тажовузкор билан ярашгандан кейин оиладаги вазиятни доимий равишда кузатиб бориш учун аниқ мезонлар мавжуд эмас.
· Зўравонликдан жабр кўрганлар одатда оила, дўстлар ва жамият босими остида, шунингдек, стигматизация ва «ажрашган» деган тамғадан қўрқанни учун тажовузкор билан қайта яшашга рози бўлади, тажовузкор эса камдан-кам ҳолларда жавобгарликка тортилади.
· Ўзбекистон қонунчилигида жабрланувчи ва ҳуқуқбузар ўртасидаги қарам муносабатлар билан боғлиқ, шунингдек зўравонликнинг тизимли хусусиятини англатувчи «оилавий зўравонлик» тушунчасига аниқ таъриф берилмаган.
· Жиноят кодекси оиладаги зўравонликни жиноятнинг алоҳида таркиби сифатида таснифламайди. Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда оиладаги зўравонликнинг давомийлик, назорат қилиш ва мажбурийлик хусусиятлари тўғрисида бандлар мавжуд эмас.
· Иқтисодий ва психологик зўравонлик, аёлларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунда эътироф этилганига қарамай, на Маъмурий кодекс, на Жиноят кодекси билан тартибга солинмайди.
3 Боб. ГЕНДЕР СТЕРЕОТИПЛАРИ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ
3.1. «Стереотиплар» тушунчаси. Стереотипларнинг ижобий ва салбий томонлари. Кундалик ҳаётда стереотипларнинг аҳамияти
Мутахассисларнинг таъкидлашича, гендер стереотипларининг учта гуруҳи мавжуд.
Биринчи гуруҳ – бу эркак ва аёлларга хос характер хусусиятлари, шахсий хусусиятлари ва хулқ-атвор моделлари ҳақидаги стереотиплар. Бунга қуйидаги стереотиплар киради:
· барча эркаклар рационал, барча аёллар эса эмоционал
· гўзаллик ва ёшлик - муваффақият калити
· аёл - товуқ мия
· барча эркаклар - кучли ва жасур
Иккинчи гуруҳ – жинсга кўра оилавий ва профессионал ролларни белгилаш. Аёллар учун асосий ижтимоий роллар – оила (она, уй бекаси), эркаклар учун – профессионал роллар. Эркаклар касбий муваффақият асосида, аёллар – оила ва фарзанди бор-йўқлиги асосида баҳоланади. Масалан:
· Қиз эрта турмушга чиқиши ва фарзанд кўриши керак
· Аёл – уй бекаси ва саришталикни таъминловчи
· Аёлнинг касби – бу оила, болалар ва уй хўжалиги
· Эркак – даромад топувчи
· Эркак – меҳнат учун (“эркак киши кўчанинг одами”)
· Аёл оила учун яратилган, унинг ўқиши, ишлаши ва, айниқса, карьера қилиши шарт эмас.
Гендер стереотипларининг учинчи гуруҳи меҳнат мазмунидаги фарқлар билан боғлиқ. Анъанага кўра, аёлларнинг иши ижро етувчи, хизмат кўрсатувчи характерга эга бўлиши керак ва «аёлнинг табиий моҳияти»нинг ривожланишини ифодалайди: оила аъзоларига ғамхўрлик қилиш, болаларни тарбиялаш ва таълим бериш. Эркакларга эса фаолиятнинг инструментал соҳаси тайинланади, бу, асосан, ижод, бунёдкорлик ва раҳбарлик билан боғлиқ ишлардир. 7
· Эркак – тажрибали раҳбар
· Аёл – яхши ижрочи
· Аёл учун учун энг яхши касб – ўқитувчи
Бироқ стереотиплар ҳам ижобий роль ўйнаши мумкин. Улар кўплаб ҳодиса, воқеа ва жараёнларнинг моҳиятини тушунишни осонлаштиради, мураккаб тушунчалар ва муаммоларнинг ўзлаштирилишини тезлаштиради. Аммо журналист ўз фаолиятида стереотипик фикрларга таяниб қолмаслиги керак, унинг асосий қуроли танқидий фикрлаш бўлиши керак.
Стереотиплардан ташқари, ижтимоий янглиш қарашлар ҳам мавжуд. Ижтимоий янглиш қарашлар нотўғри ёки ўзгартирилган билимларга асосланган қарашлар ва фикрлардир, улар кўпинча бошқа одамларнинг сўзларига ишонишга асосланади.
Ижтимоий янглиш қарашлар:
· Аёллар заиф
· Ногирон аёллар соғлом бола туға олмайди
· Эркак ғамхўр ота бўла олмайди
· Аёлнинг турмуш ўртоғи бўлса, ўқиши ва ишлаши шарт эмас
· Аёл эргашувчандир ва ҳар доим эркакка бўйсуниши керак
Ўзбек жамиятида энг кенг тарқалган гендер стереотипларига қуйидагилар киради:
· ташқи кўринишга бўлган муносабат стереотиплари: кийимдаги стереотип (аёл ҳар қандай кийимда аёл бўлиб қолиши керак);
· ташқи кўринишга аҳамият беришдаги стереотиплар;
· гендер ва оила;
· эркак ва аёл шахсининг феъл-атвори ва хулқ-атворига оид стереотиплар, уларнинг шахслараро мулоқотига оид стереотиплар;
· кундалик ҳаётда роллар ва масъулиятнинг бўлиниши, оилада болаларни тарбиялаш ҳақидаги стереотиплар;
· касбий роллар ҳақидаги стереотиплар: эркак ва аёл касбларининг стереотиплари, эркаклар даромадлари, қизлар таълими ва аёллар карьераси ва бошқалар.
Маҳаллий ОАВ ушбу турдаги стереотипларни қайта узатиш билан шуғулланади.
Гендер мавзусини ёритишнинг энг ёрқин трендлари – бу аёл ва эркак образларини криминаллаштиришдир. Бунда жиноятчининг айнан аёл эканлигига урғу берувчи материаллар жиноятчининг эркак киши эканлигига урғу бериш ҳолатларидан анча кўп.
Сўнгги ҳолатга мисол сифатида «Андижонлик қизнинг интим видеоларини ижтимоий тармоқларга «қўйиб юборган» эркак» сарлавҳаси остидаги материални келтириш мумкин 8 .
«Дўстидан унинг интим суратларини тарқатмаслик учун 15 млн сўм ундирмоқчи бўлган қиз» 9, «Метрода сумкасида бомба борлиги ҳақида ҳазиллашган қиз 5 суткага қамалди» 10 материаллари сарлавҳасида эса аёлларни криминаллаштириш мавзуси илгари сурилган ва салбий образ яратилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, жинси бўйича билвосита камситиш – бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан унчалик қулай бўлмаган ҳолатга қўядиган шароит, вазият ёки мезонларни яратиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали гендер тенгсизлигини тарғиб қилиш, маълум бир жинсдаги одамлар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шартлар ёки талабларни ўрнатишдир. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида «Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади». Юқорида келтирилган сарлавҳалар мисолларига асосланиб, шундай хулосага келиш мумкинки, бундай ҳолатларни ёритишда журналистлар ўз ҳаракатларининг оқибатларини ҳисобга олмайди, бу эса жамиятда аёлларга нисбатан камситишнинг кучайишига олиб келади.
Материални тайёрлашда ҳар бир журналист «Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда белгиланган ўз вазифаларини ёдда тутиши керак. Қонунда белгиланганидек, журналист ўз касбий фаолиятини амалга оширишда «журналистларнинг касбий этикаси қоидаларига риоя қилиши» ва «шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши» лозим. Шунингдек, «журналист ахборот манбаи ёки муаллифнинг розилигисиз профессионал маълумотлардан шахсий мақсадларда фойдаланиши, жисмоний шахснинг шахсий ҳаёти ҳақидаги фактларни эълон қилиши ёки аудио ва видео ёзиш мосламаларидан фойдаланиши мумкин эмас».
3.2. Стереотиплар динамикаси: консервация, модификация, трансформация
Жамиятдаги стереотиплар ўзгарувчан. Улар узоқ вақт давомида мавжуд бўлиши мумкин, вақт ўтиши ва ижтимоий шароит ва маданиятнинг ўзгариши билан бутунлай ўзгариши ёки йўқ бўлиб кетиши мумкин.
Ватандошимиз – тадқиқотчи Д.Н. Каримова 2020 йил апрель ойи охирида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан республиканинг барча ҳудудларидан 1170 оилани қамраб олган онлайн сўров 11 натижаларига ишора қилмоқда. Ушбу сўровнома мавжуд стереотиплар Ўзбекистондаги оилалардаги ҳақиқий ҳолатга қанчалик мос келишини аниқлаш имконини беради.
1 Афсона: аёллар барча ҳуқуқларда эркаклар билан тенг эмас.
Сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, респондентларнинг аксарияти «гендер» ва «гендер тенглиги» тушунчалари билан таниш. Уларнинг фикрича, бу масалалар жуда муҳим ҳамда уларни ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият органлари даражасида ҳал қилиш керак. 68% респондент аёллар ва эркаклар барча ҳуқуқларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга деган фикрда, респондентларнинг фақат кичиқ қисми – 20 фоизи аёллар барча ҳуқуқларда эркаклар билан тенг бўлмаслиги керак, деган фикрда. Аёл эркакка қараганда кўпроқ ҳуқуқларга эга бўлиши керак деб жавоб берганларнинг улуши 4%ни (шундан 6% аёллар ва 2% эркаклар) ташкил этди. Қолганлар жавоб беришда қийналди. Рақамлар шуни кўрсатадики, респондентларнинг аксарияти аёллар барча ҳуқуқларда эркаклар билан тенг бўлиши керак деб ҳисоблайди.
2 Афсона. Аёл оила учун яратилган, у ўқиш, ишлаш ва боз устига карьера қилиши шарт эмас.
Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 74 фоизи аёл ҳам оилани, ҳам ишни эплай олади (аёлларнинг 86% ва эркакларнинг 61%) деган фикрда бўлса, 19 фоизи аёл ўзини фақат оила ва болаларни тарбиялашга бағишлаши, 7 фоизи эса аёл меҳнат ва карьера қилишга эътибор қаратиши керак, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, респондентларнинг 15 фоизи агар эркак уй ишлари билан шуғулланса ва болаларни аёл билан тенг равишда тарбияласа, у ҳолда аёл ишлаши ва карьера қилиши мумкинлигига ишонади. Уй ишлари ва болаларни тарбиялаш фақат аёлларнинг масъулияти деб ҳисобловчи 6% респондентларнинг (ҳам эркак, ҳам аёллар) фикри ташвишланарли ҳолат.
3 Афсона. Аёл ташкилот/бизнес раҳбари бўла олмайди ва фақат ижро функцияларини бажариши керак.
Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 42 фоизи аёл раҳбар сифатида жуда самарали, чунки у ишни пухта ва ғайрат билан бажаради деган фикрда, 35 фоизи эса аёл раҳбарлар эркакдан ҳам самаралироқ, деб билади. 23% респондентлар (15% аёллар ва 32% эркаклар) эркаклар, нима бўлганда ҳам, ўз меҳнат фаолияти ва карьерасида муваффақиятлироқ эканига ишонади.
4 Афсона. Эркак ишлаши керак (эркак киши кўчанинг одами), аёл эса рўзғор ва жамоат ишларини биргаликда олиб бориши керак.
Тадқиқот натижаларига кўра, оилада аёллар уй ишларини бажариш (барча оила аъзолари учун овқат пишириш, тозалаш, кир ювиш), шунингдек, болаларни тарбиялаш билан шуғулланади. Агар оилада касал ёки ногиронлар бўлса, уларга ғамхўрлик қилиш ҳам аёлнинг елкасида. Эркаклар рўзғордаги барча «эркаклар ишини» бажаради – тузатади ва таъмирлайди; агар керак бўлса, улар томорқада ишлайди, озиқ-овқат дўконига бориб келади. Шу билан бирга, респондентларнинг 60 фоизи эркак уй ишлари билан шуғулланиши ва болаларни аёл билан тенг равишда тарбиялаши керак, чунки бу болалар учун яхши намуна бўлади, аёлга бўш вақтини ўзи ва соғлиғига бағишлашга ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Жамиятда аёллар зиммасига икки баравар юк юклатилган, чунки улар маош тўланадиган ишлардан ташқари, маош тўланмайдиган уй ишларининг номутаносиб равишда катта қисмини бажаради.
5 Афсона. Эркак ва аёллар манфаатларидаги фарқлар ва қарама- қаршиликлар, турмуш ўртоқларнинг уйда узоқ вақт бирга бўлишлари оилада жанжал ва низоларга олиб келади.
Карантин даврида оилаларда зиддиятли вазиятларнинг кўпайиши туфайли оиладаги зўравонлик ҳолатлари тез-тез учради 12. Назарий жиҳатдан, эркак ва аёлларнинг хулқ-атворидаги фарқлар оилавий, шахслараро ва шахслар ичидаги низоларни келтириб чиқариши мумкин. Гендер хулқ-атворининг стереотиплар ва гендер ролини бажаришнинг маданий меъёрларига риоя қилмаслик ҳам кескинлик ва зиддиятни келтириб чиқариши мумкин. Ва ниҳоят, аёлларнинг тенг ҳуқуқлари учун кураш кўпинча можаро тусига эга. Бу бизнинг шароитимизда ҳам шундайми?
Сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, карантин даврида, барча оила аъзолари узоқ вақт давомида бир том остида бирга яшаганларида, респондентларнинг 46 фоизи ўз оилаларида гендер ролларида ҳеч қандай ўзгаришларни кузатмаган, 39 фоизи оилавий муносабатлар яхшиланганига ишонади ва фақат 3 фоиз респондент оилада аёллар мавқенининг ёмонлашганлигини қайд этди. Респондентларнинг 93 фоизи оилаларида оиладаги зўравонлик ҳолатлари йўқлигини таъкидлади. Шунингдек, пандемия ва карантин даврида оилалар ижтимоий ва молиявий аҳволининг ёмонлашиши оилалардаги зиддиятли вазиятлар ва оиладаги зўравонликнинг кучли омилига айланиши тахмин қилинган 13 . Сўровнома натижалари шуни кўрсатдики, ўзбек жамиятида тарихан шаклланган урф-одат ва анъаналар, маданият ва динда қабул қилинган турмуш нормалари ва қоидаларига боғлиқ ҳолда эркаклар ва аёллар хулқ-атворининг ўзига хос стереотиплари мавжуд бўлган ва ҳозир ҳам мавжуд. Шу билан бир қаторда, жамиятни ўзгартириш, жумладан, одамларнинг гендер стереотипларига муносабатини ўзгартириш тенденцияси ҳам кузатилмоқда. Аёлларнинг жамиятдаги иқтисодий ва сиёсий фаоллигининг ошиши, аёллар тадбиркорлигининг ривожланиши, аёлларнинг сиёсатда пайдо бўлиши каби кундалик ҳаётдаги фактлар гендер стереотипларини ўзгартиради ва одамларни замон талабларига мувофиқ яшашга мажбур қилади. Профессионал ролларни фақат эркакларга, оилавий функцияларни аёлларга бериш билан боғлиқ гендер стереотипларидан узоқлашиш аёлларнинг шахсий ривожланиш учун имкониятларини кенгайтиради, аёлларга нисбатан камситиш ва оиладаги зўравонликни бартараф этишга ёрдам беради.
3.3. Стереотипларни ўзгартиришда оммавий ахборот воситаларининг роли: бунга қандай эришиш мумкин?
БМТ қўмитасининг Ўзбекистондаги аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги иштироки бўйича якуний кузатувлари оммавий ахборот воситаларининг ролини таъкидлайди. Жумладан, унда «аёл сиёсатчилар ва аёл номзодларнинг сиёсий ташвиқот, раҳбарлик ва музокаралар каби йўналишларда малака оширишларини
таъминлаш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда сиёсатчилар, журналистлар, диний етакчилар, жамоат арбоблари ва кенг жамоатчилик ўртасида хотин-қизларнинг инсон ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш ва аъзо давлатда сиёсий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишга эришишнинг зарурий шарти сифатида аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётда эркаклар билан тенг равишда ҳар томонлама, мустақил ва демократик иштироки муҳимлиги тўғрисидаги хабардорликни ошириш керак» 14 , деб айтиб ўтилган.
Бу ерда қуйидаги тавсияларни бериш мумкин:
· ОАВ публикацияларида барча турдаги сексистик ғоялар ва ёндашувларни (гендер камситиш ҳолатларини) аниқлаш ва чиқариб ташлаш;
· тарихий ривожланишни бир қатор ҳарбий можаролар ва сиёсий тўнтаришлар натижаси сифатида изоҳловчи (патриархал) концепцияни қайта кўриб чиқиш ва уни инсон ҳаёти ва инсон салоҳиятининг ривожланиши тарихи (гендер тенглиги концепцияcи) билан алмаштириш;
· публикация қаҳрамонлари, мутахассислари ва муаллифларини танлашда таҳририят бошқарувида гендер мувозанатига риоя қилиш;
· жамият тараққиётида аёллар ва эркакларнинг тенг ролини кўрсатиш;
· жамиятдаги гендер масалаларининг очиқ ва холис ёритилишини таъминлаш;
· гендер тенглиги масалаларини ёритишда журналистнинг касбий этикаси нормаларига риоя қилиш;
· гендер сезгир мавзуларда «тенг ҳуқуқлар – тенг имкониятлар» тамойилига риоя қилиш;
Реклама ва тижорат маълумотлари учун аёлларнинг стереотипик тасвири ва гендер роллари, айниқса, характерлидир. Медиа ахборот маконидаги аёлнинг ҳаёти қутбланган ва никоҳ, оналик, гўзаллик ва шаҳвонийлик ўртасида бўлинган. Тадқиқотлар, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида «аёллар билан боғлиқ» ҳолатлар – аёллар жинояти, алкоголизми, фоҳишабозликни маргиналлаштиришга қизиқиш ортганлигини кўрсатмоқда. Эркакларга келсак, медиа майдони анъанавий равишда уларни карьерага, пул топишга йўналтиради, эркакларни, масалан, ғамхўр ота каби ролларда тасвирлашни рад этади.
Гендер стереотиплари нуқтаи назаридан бугунги кунда журналистлар томонидан яратилган аёл образларининг типологик хусусиятларини ажратиб кўрсатишимиз мумкин. Мутахассислар уларни уч гуруҳга бўлади:
1. «Табу» (тақиқлар): аёл нима қилмаслиги кераклиги ҳақида барқарор соддалаштирилган фикрлар. Буларга, масалан, аёл эркаклардан кучлироқ ёки ақлли бўлмаслиги керак, ким бўлишидан қатъи назар, оиласидан воз кечмаслиги керак, ҳатто материал қаҳрамони «кучишлатар тизим» вакили бўлса ҳам, қатъий бўлмаслиги керак, деган умумий яққол ёки яширин баёнотлар;
2. «Буйруқ» (кўрсатмалар): аёл меҳрибон турмуш ўртоғи, ғамхўр она, яхши бека, эркақдан паст, заиф, юмшоқ, чиройли, албатта нозик ва ҳоказо бўлиши кераклиги ҳақидаги барқарор соддалаштирилган ғоялар. Қоида тариқасида, оммавий ахборот воситаларида ижобий аёл қаҳрамонларнинг образлари ушбу «кўрсатмалар талабига» жавоб беради;
3. «Идеал»: идеал аёл ҳақидаги барқарор соддалаштирилган ғоялар: бундай аёл образи аёл аудитория томонидан ҳаётининг барча соҳаларида, шахсийдан ижтимоий соҳаларгача, муваффақият қозонган аёлнинг стереотипик қиёфаси: унинг хар доим оиласи ва болалари бор, у намунали она ва уй бекаси, у мартаба зинапоясидан кўтарилиб, ўрта даражадаги менежер лавозимини эгаллаган, у фотомоделга ўхшайди ёки хар кандай ҳолатда шунга интилади, соғлом турмуш тарзини олиб боради ва хоказо. 15
Ушбу баркарор соддалаштирилган тасаввурлар ОАВда аёл образлари тизимини яратади, улар бир томондан жамиятда мавжуд бўлган аёллар хақидаги стереотипик қарашларни акс эттиради, бошқа томондан уларни шакллантиради. Ушбу ёндашув ўқувчининг журналистик ғояни тушуниш жараёнини соддалаштиради ва аёл образлари – вакт белгилари ва рамзларини шакллантиради, бошка томондан, публицистик материалда яратилган дунё қиёфасини қўпол ва ибтидоий кўринишга келтиради.
Умуман олганда, ОАВ томонидан яратилган кўплаб стереотипик аёл тасвирларини қуйидаги хусусиятларга кўра гуруҳлаш мумкин:
1. Материал қаҳрамонининг атрофдаги дунё билан муносабатлари турига кўра:
· ижтимоий фаровонликни истеъмол килувчи аёлларнинг тасвирлари («бахтли уй бекалари», «жазманлар», «супермен дўстлари» ва бошқалар);
· ижтимоий фаровонликни ишлаб чикарувчи аёллар тасвирлари («ишчи», «чўрткесар дугона», «зиёли», «богема», «спортчи», «исёнкор пенсионер» ва ҳоказо);
· ижтимоий муносабатларни яратувчи аёллар тасвирлари («раҳбар аёл», «қахрамон», «сиёсий раҳбар», «юқори малакали маслаҳатчи», «олийтоифа хоним» ва бошқалар);
2. Материал қаҳрамонининг жамиятдаги мавқеига кўра:
· салбий («маргинал аёл», «жиноятчи»);
· нейтрал («юк ортиладиган ҳайвон», «ишчи», «она», «ўқитувчи»);
· ижобий («сиёсий раҳбар», «раҳбар», «ишбилармон аёл»);
3. Материал қаҳрамонининг ижтимоий муносабатлардаги иштироки
даражасига кўра:
· паст даража, материал қаҳрамонининг ё жамиятга нейтрал истеъмолчилик муносабати (истеъмолчи, уй бекаси, жазман), ёки унинг жамиятга салбий истеъмолчилик муносабати («маргинал аёл», «жиноятчи», «фоҳиша» ва ҳоказо – жамият томонидан аниқ қораланган) билан белгиланади;
· ўрта даража, қаҳрамоннинг ўз ижтимоий функцияларига масъулиятли муносабати билан белгиланади, аммо бу қаҳрамон паст ижтимоий мавқега эга: «ҳодим», «она», «ўқитувчи», «тарбиячи» ва бошқалар;
· юкори даража, қаҳрамоннинг кучли ижтимоий мавқеи, унинг ўрта қатлам ёки элитага мансублиги, ижтимоий алоқаларни яратиш қобилияти билан ажралиб туради: одатда - «раҳбар»;
· олий даража, қаҳрамоннинг ижтимоий хаётда ва ижтимоий муносабатларда максимал иштироки, унинг жамоатчилик билан алоқаларнинг чўққисига мансублиги билан ажралиб туради, одатда – бу «аёл – сиёсий рамз»;
4. Материал қаҳрамонининг ижтимоий ролига кўра:
· салбий: қаҳрамон жамиятдан ташқарида, мақолалар муаллифлари уларга очиқчасига салбий ёки ачинарли хусусиятларни беради, улар аутсайдер сифатидаги «уйсиз аёллар» ва «фоҳишалар»дир;
· мослашувчан: қаҳрамон «эркакка илова» сифатида тасвирланган, унинг ўз фикри ёки принциплари йўқ, унинг ҳаёти эри, севгилиси ёки «хўжайини» билан муносабатлар билан чекланган, одатда – бу «бахтли уй бекаси», «ром қилувчи аёл», «суперменнинг дўсти»;
· ижобий: одатда материалларда ижобий тасвирда, юқорида айтиб ўтилганидек, паст ижтимоий мавқега эга, аммо масъулиятли жамоат функцияларини бажарадиган (ўқитувчи, бўлим мудири, ўқув ишлари бўйича мудир) қаҳрамон пайдо бўлади;
· олий: қаҳрамон давлат арбоби ва сиёсий раҳбар сифатида тасвирланган (қизиғи, бундай материал стереотиплар туфайли ҳар доим ҳам ижобий тусга эга бўлмайди – муаллиф ва ўқувчиларда аёлнинг давлат даражасида бошқариш қобилиятига нисбатан ишончсизлик бор), одатда – бу «аёл – сиёсий рамз».
Бироқ, ҳаёт бир жойда турмайди. Замонавий дунёда аёллар ва эркакларнинг ижтимоий роллари, уларнинг ҳаётий режалари, ғоялари ва устуворликлари ўзгармоқда. Аммо янги ижобий тасвирлар ва хатти-ҳаракатлар ҳали ҳам ОАВ ва рекламада камдан-кам акс этади. Гендер тарафкашликнинг сабаблари шундаки, журналистлар ва ОАВ вакиллари кўпинча гендер стереотипларига тўла жамиятда тарбияланиш маҳсулидир. Улар онгли ёки онгсиз равишда ўз материалларида эскирган стереотипларни кўпайтиради. Бу жиддий муаммо, чунки эскирган стереотипларни доимий равишда қайта узатиш мамлакатда гендер тенглиги сиёсати ва демократик ўзгаришларни амалга ошириш учун тўсиқ бўлиши мумкин.
Шу маънода медиа ва журналистлар олдида қуйидаги вазифалар туради:
· эскирган анахронистик стереотипларни бузиш, уларнинг манбаларини тушуниш, мазмунни баҳолаш ва журналистик контентда гендер стереотиплардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, одамлар, мамлакатлар ва даврларни таърифловчи янги жиҳатларни илғаш ва муҳрлаш;
· оилада ва жамиятда эркаклар ва аёлларнинг роллари ва функцияларига стереотипик ёндашувдан ташқарига чиқадиган янги аёл ва эркак образлари ва хатти-ҳаракатларини, муваффақият ҳикояларини трансляция қилиш учун қайта мослашиш;
· гендер сезгир мавзуларни ёритишда шаблон тасвирлар, клише ва штамплардан «узоқлашиш», «эски» мавзуларни ёритишнинг янги нуқтаи назарлари, қаҳрамонлари ва қаҳрамонларнинг янги турларини, маълумотларни тақдим этишнинг қизиқарли, ўзгарувчан ва ижодий усулларини қидириш.
Бу ОАВнинг эркак ва аёллар хулқ-атворининг стереотипик, «сийқаси чиққан» образлардан қочиб, таъбир жоиз бўлса, ҳақиқий ҳаётдан олинган, лекин жамоат майдонига олиб чиқилишга ҳали тайёр бўлмаган янги, жонли ва фаол тасвирлар ва
моделларни яратишга ўтишига асос бўлади. Фақат шундагина ОАВ гендер тенглигининг фаол вакиллари бўлиши ҳамда гендер сезгир жамоатчилик онгини шакллантириш да иштирок этиши мумкин.
Ҳаётий қадриятлари ва мўлжалидаги ўзгаришлар натижасида қуйидаги фазилатлар билан таърифланувчи янги типдаги аёллар пайдо бўлмоқда:
· ўзига ишонган;
· сабрли;
· ташкилотчи;
· соғлом фикрловчи;
· эмпатияга эга.
ОАВнинг вазифаси – янги гендер ҳақиқатини малакали ва сифатли ёритишни
таъминлашдан иборат. Аёлларнинг роли ва мавқеига жамоатчилик онгида ўрнашиб қолган муносабат асосида замонавий аёлнинг адекват оғзаки ёки визуал образи, ОАВ томонидан идеал сифатида илгари сурилувчи ва тарғиб этилувчи образни яратиш керак.
Шунга кўра, замонавий журналистиканинг вазифаси қуйидагилардан
иборат:
· салбий, «сингиб кетган» стереотиплар ҳақида танқидий ўйлаб кўриш ва улардан фойдаланишдан қочишга ҳаракат қилиш;
· гендер стереотипининг манбасини танқидий тушуниш;
· эскирган стереотипларни-анахронизмларни бузиш ва танқидий тушуниш;
· ижобий стереотиплардан мазмунли ва тўғри фойдаланиш;
· маҳаллий контекстни ҳисобга олиш ва янги ижобий стереотипларни яратиш;
· мазмунни баҳолаш ва уни контентда қўллаш кўникмаларини ривожлантириш;
· янги тенденцияларни, ёндашувларни ва ечимларни аниқлаш ва муҳрлаш.
4 боб. ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ
4.1. Гендер тенглиги ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш
Гендер тенглиги ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтиришда медианинг
ролини таҳлил қилишда қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш лозим:
· Пекин декларацияси, Барқарор ривожланиш мақсадлари ва БМТ Аёллар ташкилоти мақсадларига эришишда ахборот етказиб берувчилар (масалан, медиа, рақамли алоқа компаниялари, кутубхоналар, архивлар ва музейлар) қандай рол ўйнайди;
· Контент етказиб берувчилар ўзининг гендер билан боғлиқ муаммоларга жавоб бериш қобилиятини қандай баҳолаши мумкин ва фуқаролик жамияти, ўз навбатида, бу жавобни қандай баҳолаши мумкин?
· Контентни таъминлайдиган муассасаларни ким бошқаради? Нима учун контент етказиб берувчиларнинг фаолиятини бошқаришда гендер талабларини ҳисобга олиш керак?
· Контент етказиб берувчилар аёл, эркак ва озчилик гуруҳларини стереотипик тарзда тасвирлайдиган тасвирлар билан қандай муносабатда бўлишлари мумкин?
· Контент етказиб берувчилар шунчаки гендер тенгсизлиги ҳақидаги хабарларни етказиб берувчиларми ёки Пекин декларациясини ва юқорида айтиб ўтилган бошқа мақсадларни амалга оширишда шерикларми, маълумот ва билимларни яратишга ҳисса қўшадими, уларнинг натижасини оширадими?
· Агар медиа ҳақиқатан ҳам иштирок этса, унда ўз функцияларини самарали бажариши учун нималар зарур?
Миллий медианинг гендер мувозанати масалаларини тарғиб қилиш-қилмаслигини тушуниш учун қуйидаги саволларга жавоб бериш керак:
· Мамлакатингиздаги медиа ташкилотлари медиа ва ахборот саводхонлиги (МАС)ни тарғиб қиладими?
· Бу қандай амалга оширилади?
· Қандай фактлар буни тасдиқлайди? Иложи бўлса, аниқ мисоллар келтиринг.
· МАС гендер стереотипларига қарши курашда ва гендер тенглиги масалаларини ҳал қилишда қандай ёрдам бериши мумкин?
· Мамлакатингиз ва жамиятингизда гендер масалаларини қамраб олувчи қандай маҳаллий ривожланиш дастурлари мавжуд?
· Илтимос, ушбу дастурларни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган муаммоларни санаб ўтинг.
· Бу дастурларни ишлаб чиқишда турли гендер гуруҳларининг қарашлари қай даражада ҳисобга олинади ва улар қай даражада намоён бўлади? Улар қайси бурчакдан ёритилган?
· Ушбу лойиҳаларда турли контент етказиб берувчилар қай даражада иштирок этмоқда?
· Сизнингча, гендер тенглиги масалаларини медиа ва ахборот воситаларида биринчи ўринга олиб чиқиш ва аёлларнинг вакиллигини яхшилаш учун МАС қандай ижодий қўлланилиши мумкин?
Ушбу ва бошқа саволларга жавоблар, шунингдек, мавжуд тажриба ва амалий мисолларни таҳлил қилиш гендер тенглиги, медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича тавсиялар яратиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
4.2. ОАВ қизлар ва аёлларга нисбатан зўравонликни қандай ёритяпти
Ҳозирги вақтда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик билан боғлиқ материаллар кўпинча вазиятни таҳлил қилмасдан ёки уни баҳолашсиз жиноят хроникасидан олинган маълумот сифатида тақдим этилмоқда. Ахборот етишмаслиги туфайли, одатда, ижтимоий тармоқлардаги шарҳловчилар вазиятни таҳлил қила бошлайди ва ўз баҳоларини беради, бунда турли фикрлар айтилади: «даҳшатли ҳолат юз берди»дан «бу сизнинг айбингиз»гача. Одатда, зўравонлик аёлнинг ўзини «ноўрин» тутиши билан оқланади. Масалан, тўйда куёв томонидан келиннинг калтакланиши ҳақидаги шов-шувли материал 16 . Бу ҳолат юзасидан куёвга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича маъмурий иш қўзғатилгани ва иш судга юборилгани маълум. Аммо кейинчалик келиннинг шикоятлари йўқлиги сабабли куёв жаримага тортилмади. Аслида бу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси - «Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас» талаблари бузилган. Бундан ташқари, куёвнинг ҳаракатлари калтаклаш ва енгил тан жароҳатлари билан боғлиқ бўлгани сабабли уни безорилик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддасига биноан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эди.
«Менинг юртим» телеканалида эфирга узатилувчи «Амирхон Умаров» ток-шоусининг навбатдаги сонида иштирок этган қаҳрамон – эри чет элга ишлашга кетган аёл ўзи ишлаётган ферма раҳбари томонидан зўрланган. Студияда ким айбдорлиги муҳокама қилиняпти? Жабрланувчининг ички ишлар органларига ёзган аризаси «туҳмат» деб таснифланган ва кўриб чиқилмаган. Студиядаги мунозара гўёки ўзи айбдор деб тахмин қилинаётган «аёлнинг ноўрин хулқини» қоралашга қаратилди.
«Нотўғри образ» одатда аёл нима қилиши керак ва нима қилмаслиги кераклиги ҳақидаги стереотипик ғоя доирасида вужудга келади. Шундай қилиб, зўравонлик факти орқа фонга ўтказилади ва жабрланувчи айбланувчига айланади – зўравонлик жамият томонидан оқланади. ОАВ ҳеч қандай «ноўрин хатти-ҳаракатлар» зўравонликни оқламайди, деган хабарни тарқатиши жуда муҳимдир. Ҳуқуқий нуқтаи назардан, зўравонлик ҳар доим зўравоннинг айби, бошқа ҳеч кимники эмас. Ушбу принципга аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусини ёритадиган барча журналистлар ва блогерлар амал қилиши керак. Юқорида келтирилган ҳолатда, теледастурда кўтарилган муҳокамада жинс бўйича билвосита дискриминация ҳолати кучайтирилганини кўриш мумкин, бу эса Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун талабларига зиддир.
Аёлларга нисбатан зўравонлик ҳақидаги аксарият публикацияларда журналистик таҳлил ва баҳолаш мавжуд эмас, бу салбий роль ўйнаши, зўравонда «фақат мен бундай эмасман», «ҳамма буни қилади» деган бузуқ ғояни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳар доим нафақат содир бўлган зўравонлик факти ҳақида маълумот бериш, балки, жабрланувчининг хатти-ҳаракатларидан қатъи назар, «зўравонлик муқаррар равишда жазоланади», «зўравонлик - бу саволлар, муаммолар ва низоларни ҳал қилишнинг қабул қилиб бўлмайдиган усули» ғоясини тарғиб қилиш учун ушбу маълумотни олинган жазо факти билан бирлаштириш керак.
Кўпинча ОАВда аёлнинг образи криминаллаштирилади. Журналистлар жиноятни таърифлашда жиноятчи ёки гумон қилинувчининг гендер идентификаторига эътибор қаратади. Масалан, «Ўзбекистонлик аёл Россияда қиз туғиб, чақолоқни дарёга улоқтирди» 17 материалида хабар қилинишича, ўзбекистонлик аёл Россияда бола туққан ва болани чўктириб юборган. Сарлавҳа фуқароликка эмас, балки шахснинг муайян гендерга мансублигига қаратилган бўлиб, бу гендер жиҳатдан тўғри ёритишга тубдан зиддир. Журналист жинсидан қатъи назар, қонун олдида тенгликни билиши керак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига мувофиқ, «Барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир». 46-моддада эса «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги» белгилаб қўйилган. Материаллар сарлавҳаларида гендер идентификаторига урғу бериш оммавий ахборот воситалари орқали жинс бўйича билвосита камситишни тарғиб қилиш ҳисобланади.
Кўп ҳолларда ОАВда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг фоҳишалик билан шуғулланувчи шахсларни ҳибсга олиш билан боғлиқ фаолияти ҳақида материалларни учратиш мумкин. Бундай материаллар кўпинча жиноий хроника шаклида бўлади ва тўлиқ маълумот ёки ижтимоий таҳлилни тақдим этмайди. Масалан, «Зўр ТВ» телеканалининг «Бу кун» дастурида Бухоро вилояти ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тунги рейд натижасида қўшмачилик ва фоҳишалик билан шуғулланган аёллар қўлга олингани ҳақида хабар берилган.
Дастурда фақат жинсий хизмат кўрсатиш билан шуғулланган аёллар ҳақида сўз боради, бу хизматлардан фойдаланган эркаклар ёки нима учун бу аёллар бу ишни қилишга мажбур бўлгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Лавҳадан фоҳишаликнинг аёл юзи бор ва ахлоқсиз аёлларнинг ўзлари бу ижтимоий ёвузликда айбдор, деган хулоса келиб чиқади.
Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига мувофиқ ОАВ гендер тенгсизлигини тарғиб қилмаслиги керак. 29-моддада эса «хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши» белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 141-моддасига (Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш) мувофиқ «Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита бузиш ёки чеклаш ёхуд фуқароларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади».
Кўпинча ток-шоу форматидаги теледастурларда аёл жанжалкаш, одобсиз шахс қиёфасида намоён бўлади. Бунга «Зўр ТВ» телеканалидаги «Чойга чикинг» дастури, «Менинг юртим» телеканалидаги «Амирхон Умаров» ток-шоусида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Бунда аёлнинг бундай хатти-ҳаракатига сабаб эрининг иккинчи хотини борлиги, оиладан ташқари ноқонуний муносабатлари борлиги, оиладаги зўравонлик ёки моддий / маиший муаммолар экани муҳокама қилинмайди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган сериалларда, масалан, «Севимли» телеканалида намойиш этилган «Зебо» телесериалида аёллар кўпинча ўз ҳуқуқидан маҳрум бўлган вазият қурбонлари, эрлари ва ота-оналарининг қарамоғида қолганлар ва бировнинг ёрдамисиз ўзини ҳимоя қила олмайдиган шахслар сифатида намоён бўлади. Аёл итоаткор, рози бўлиши, ўзига нисбатан адолатсизликка тоқат қилиши керак, шунда унинг ҳаёти фаровон бўлади, деган ғоя эфирга узатилади. Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятига йўл қўйилмайди.
Асосий принциплар: аёлларга нисбатан содир этилган (жинсий) зўравонлик ҳақида хабар бериш 18
· Аниқ таърифлар. Зўравонлик ва жинсий зўравонликка нисбатан аниқ таърифлар ва тушунчаларни қўллаш. Номусга тегиш ҳеч вақт жинсий алоқа ёки вақти-вақти билан содир бўлувчи «мулоқотлар» деган маънони англатмайди; бу зўравонлик билан содир этилган қонуний оқибатларга олиб келувчи жиноятдир. Аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик ва зўравонлик нафақат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, балки тинчлик ёки уруш даврида содир этилганлигидан қатъи назар, инсониятга қарши жиноят сифатида ҳам белгилаб қўйилган. Жиноятнинг ҳуқуқий чегараларини ҳисобга олиш ва зўравонлик оқибатларини минималлаштирадиган нотўғри тушунчаларга қарши чиқувчи терминологиядан фойдаланиш керак.
· «Зўравонликни бошидан ўтказган шахс» ёки «жабрланувчи»? «Жабрланувчи» сўзи ўрнига «зўравонликни бошидан ўтказган шахс» иборасини қўллаш яхшироқдир. «Жабрланувчи» сўзи аёлнинг ёрдамсиз бўлгани ва ёрдамсиз эканини англатади. Бу сўз аёллар томонидан қаршилик кўрсатиш, зўравонликни нормал ва кутилган ҳодиса сифатида қабул қилмаслик, ёрдам қидириш ва омон қолиш имкониятини ўз-ўзидан истисно этади. «Зўравонликни бошидан ўтказган» ибораси ҳужумдан кейин ҳам ҳаёт борлигини англатади, аёл унинг ҳаётидаги бир воқеа билан таърифланмайди, аёлнинг вазиятни назорат қилиш ва келажак ҳақида қарор қабул қилишга қаратилган ҳаракатларини таъкидлашга ёрдам беради.
· Шахсий ҳаёт ва ҳурмат масалалари. Зўравонликни бошидан ўтказганларнинг аксарияти бўлиб ўтган воқеаларни айтиб беришда уят, айбдорлик ёки қайғу ҳисларини туяди. Бунда ўзини журналист сифатида аниқ идентификация қилиш ва ҳикоянинг мазмунини аниқлаштириш керак; ишончни мустаҳкамлаш муҳим. Шунингдек, интервьюда иштирок этаётган шахсларга саволга жавоб беришдан бош тортиш ҳуқуқига эга экани ва ўзини қўллаб-қувватлаш учун бошқа бировни олиб келиши мумкинлиги ҳақида хабар бериш муҳимдир. Иложи бўлса, журналист травма оқибатлари ҳақида маълумотга эга аёл киши бўлиши керак. Масалан, зўравонликни бошидан ўтказган кўплаб аёллар содир бўлган воқеалар ҳақида узуқ-юлуқ хотираларга эга ёки енгиб ўтилиши жуда қийин бўлган баъзи воқеаларни эслай олмаслиги мумкин, чунки мия бундай хотираларни блоклашга қодир. Анонимликни кафолатлашда унга риоя қилиш, иш жойи ёки яшаш манзили каби барча идентификация қилиш элементларин яшириш керак.
· Хавфсизлик масалалари. Баъзи ҳолларда журналист билан мулоқот қилиш аёлни хавф остига қўйиши мумкин. Баъзида аёлнинг зўрланганини эътироф этиши унинг яқинлари орасидан ҳайдалишига, қасос олишга ёки ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Интервью вақти ва жойини танлашда ушбу хавфларни ёдда тутиш ва ҳисобга олиш керак.
· Вазиятни ўрганиш. Нотўғри маълумотлар муаммони нотўғри текшириш натижасидир. Мисол учун, ғарб ОАВ кўпинча «нотаниш одам туғдирадиган хавф»га эътибор қаратади, аслида кўп ҳолларда (тинчлик давридаги) жинсий зўравонлик аёлга таниш бўлган шахс томонидан содир этилади; ёки оиладаги зўравонлик камдан-кам содир бўладиган ҳодиса сифатида қаралади.
· Сексист қарашларнинг тарқалишини тарғиб қилмаслик. Ҳодиса аёлнинг айби бўлиши мумкинлигига ҳеч қандай шаклда ишора қилиш ёки аёлнинг фаолияти, кийиниш услуби ёки хатти-ҳаракатларини чеклайдиган маслаҳат бериш мумкин эмас. «Ҳимоясиз», «оғдириб олинган» ва «ўлимдан баттар қисматни бошидан ўтказган» каби драматик ибораларни ишлатишдан сақланиш керак, чунки улар аёлларнинг, масалан, ишонувчан экани ҳақидаги стереотипларини қўллаб-қувватлайди. Аёлнинг содир бўлган воқеага қандай муносабатда бўлиши ёки қанчалик тез тикланишига қараб ҳукм чиқариш мумкин эмас. Аёлларнинг тикланиши мумкинлиги ва ноодатий вазиятга «нормал» реакция тушунчаси йўқлигини кўрсатиш муҳимдир. Аёлларни уларнинг барча хилма-хиллиги билан ҳурмат қилиш керак.
· Бўлган воқеани бошидан охиригача, лекин мантиқий чегараларда айтиб бериш. Қонли тафсилотларнинг таърифига ҳаддан ортиқ эътибор бермаслик. Бўлиб ўтган воқеани ҳам расмий, ҳам географик контекстга жойлаштириш ҳатто аёллар учун ҳам муҳимдир. Аёлни бўлиб ўтган воқеадан олдин ҳам ҳаёт кечирган ва ундан кейин ҳам уни давом эттираётган тўлақонли шахс сифатида кўрсатиш керак.
· Жиноятчига эътибор қаратиш. Кўпинча, жиноятчи мақолада тилга олинмайди ёки шунчаки эслатиб ўтилади. Аёл зўрлангани учун айбдор эмас. Шунингдек, асосий ОАВда зўравон ёки тажовузкорлар «монстр» ёки «маньяк» деб номланади, яъни улар бошқа эркаклардан яққол ажралиб турувчи фарқларга эгадек кўрсатилади, аммо бу, албатта, бундай эмас. Жиноятчи кўп ҳолларда жазодан қутилиб қоладиган ёки ҳужум оқибатлари минималлаштириладиган жиноятларнинг яна бир тоифаси – оиладаги зўравонликдир.
· Уруш пайтида номусга тегиш. Кўпинча, бу мавзу кейинчалик ҳужумга учраш хавфи туфайли ёритилмайди. Содир бўлганларни тасдиқлаш деярли ҳар доим қийин ва мавжуд маълумотларга кўра ушбу «уруш қуроли»нинг шафқатсизлиги бу мавзуни ёритувчи журналистларга психологик шикаст етказади. Тил воситаларини танлашда эҳтиёт бўлиш ва суҳбатдошга терминологияни ўзи белгилашига рухсат бериш керак. Агар қуролланган ёки бошқа шахслар интервьюда иштирок этиш истагини билдирса, алоҳида эҳтиёт бўлиш керак, чунки уларнинг ўзи зўравоннинг шериги бўлиши ёки жиноятчиларни таниши мумкин, лекин улар билан зиддиятга бориш мумкин эмас, чунки бу сиз интервью олаётган одамларнинг хавфсизлигига таъсир қилиши мумкин.
· Иложи бўлса жинсий зўравонликни бошидан кечирган аёллар ёрдам олиши ва қўллаб-қувватланиши учун мурожаат қилиши мумкин бўлган ташкилотлар ҳақида маълумот бериш.
Зўравонлик масалаларини ёритувчи журналистлар учун эслатмада қуйидаги 15 та аниқ тавсия 19 берилган:
· Бу ҳақда гапиринг!
· Гендер зўравонликка алоҳида ҳодисалар сифатида эмас, балки инсон
ҳуқуқларининг бузилиши сифатида қаранг
· Контекстни очиб беринг
· Таъриф ва жумлаларни қўллашда эҳтиёт бўлинг
· Сарлавҳаларга эътибор беринг
· Статистика ва тадқиқотларни таҳлил қилишда эҳтиёт бўлинг
· Кераксиз шов-шувдан қочиб, ҳақиқий вазиятни тасвирлаб беринг
· Яширин камералар ва бошқа «махфий» усуллардан фойдаланишни чекланг
· Жабрланувчини айблаш ёки ўзини айбдордек ҳисоблашига сабаб бўлиши мумкин бўлган «насиҳат» ёки таърифлардан фойдаланманг.
· Иккиламчи виктимизациядан сақланинг ва жабрланувчини бардошли шахс сифатида таърифланг.
· Мавзулар, боғловчилар ва контекст тартибини инобатга олинг
· «Хизмат журналистикаси» ва «Қарор қабул қилиш журналистикаси» амалиётларини машқ қилинг
· Материални тайёрлаш учун ўзингизга етарли вақт беринг
· Ўзингиз тушунинг ва бошқаларга тушунишга ёрдам беринг!
· Ахборот балансини гендер тенглиги фойдасига ўзгартиринг
Журналист ҳар сафар гендер зўравонлик қурбони билан интервью қилганда,
ўзига учта саволни бериши керак 20;
· Суҳбатдошим хавфсизлиги ва обрўси учун хавфларни бартараф этишнинг барча зарур чораларини кўрдимми? Агар суҳбатдош аноним қолишни истаса, материалда томошабин/ўқувчига уни таниб олишга имкон берадиган тафсилотлар йўқлигига аминманми?
· Суҳбатнинг мақсади ва контекстини суҳбатдошга тушунтира олдимми, у суҳбат давомийлиги қандай бўлишини ва бу суҳбат қайси оммавий ахборот воситаларида нашр этилишини тушунадими? Бошқача қилиб айтганда, суҳбатдош бунга ўзининг ҳақиқатан ҳам хабардорлик асосидаги розилигини беряптими?
· Мен диққат, ҳурмат ва холислик муҳитини ярата олдимми, ва бошдан кечирган зўравонлик ҳақида ҳикоя қилиш жабрланувчига азоб-уқубатларга олиб келмаслигини иложи борича таъминлай олдимми? Мен ўз мажбуриятларимни бажардимми, суҳбатдошнинг ишончини оқладимми?
4.3. Гендер сезгирлик ва ОАВдаги тўғри ёндашувлар: мавзуни ишлаб чиқиш ва лойиҳалаш босқичлари, муносиб тилни танлаш, мавзуни таърифлаш
Гендер масалаларини қандай қилиб тўғри ёритиш керак? Ушбу саволни икки кисмга бўлиш зарур: биринчи савол – мавзуни кандай ривожлантириш керак; иккинчи савол – мавзуни тасвирлаш учун тилдан кандай фойдаланиш керак 21
Нима ҳақида гапиряпсиз? Савол мавзуни гендер-коррект ишлаб чикишга қаратилган. Бунга фактурани танлаш ва уни талқин қилиш киради: у ёки бу муаммони очиш ва аудиторияга тақдим этишда қўлланиладиган статистик маълумотлар, социологик сўровлар натижалари, эксперт баҳолари, ҳикоя қаҳрамонлари, турли хил ҳужжатлар, ёзма ва огзаки кўрсатмалар ва бошқалар.
Қандай гапиряпсиз? Бу савол гендерни шакллантиришда танланган тилнинг ишини кўрсатиб, гендер нокоррект баёнотлар/таърифларни ўзига хос ўзгартириш
усулларига эътибор каратади.
Массмедиа дискурс тушунчалар тизимини ишлаб чикиш билан шуғулланади. Гендер-коррект мулоқот – бу жамиятда ҳукмрон бўлган патриархал дискурсларни бузиш ва уларни бутунлай бошқа сифатдаги дискурслар билан алмаштириш усуллари ва методларидир.
Вазиятни кандай ўзгартиришим мумкин? Патриархал дискурсни буза оладиган техникалар мавжуд, уларни масс-медиа воситалари мутахассисларига тавсия этиш мумкин.
· Журналистик мулоқотнинг гендер корректлигини яхшилашга ёрдам берадиган усул – масс-медиа дискурсига аёллар ва эркакларнинг жамиятнинг истисносиз барча муаммолари ҳақидаги ҳаётий тажрибалари, қарашлари ва фикрларини киритиш. Гендер ажратилган бундай фактурадан фойдаланиш орқали мавзуни ривожлантириш бир неча афзалликка эга. Биринчидан, аёллар жамият олдида ўз овози, қараши ва тажрибасига эга шахс сифатида намоён бўлади. Иккинчидан, барча мавзулар гендер-нейтрал эмаслиги аён бўлади. Ва ниҳоят, эркаклар ҳам гендер ролларни ўйнаши, гендер камситилишига дучор бўлиши эҳтимоли борлиги ва ўзи патриархал дискурснинг «маҳсулотлари» экани маълум бўлади.
· Турли ижтимоий қатламлар, турли миллатлар ва турли ёшдаги аёл ва эркакларни жамоатчиликнинг эътибор майдонига олиб чиқиш. Бу жуда муҳим, чунки камситиш, ҳокимият иерархияси ва бўйсуниш ушбу барча кескинлик чизиқлари кесишмасида туғилади.
· Одамларга гапиришга имкон бериш. Бу ҳар қандай мавзуни ишлаб чиқишда журналистлар ўз матнларига тўғридан-тўғри нутқни киритиши – ҳодисада бевосита иштирок этадиганлардан иқтибос келтириши кераклигини англатади. Турли сабабларга кўра нохуш вазиятга тушиб қолганларнинг барчаси – хоҳ одам савдоси қурбони бўлсин, хоҳ махбус ёки оиладаги зўравонлик ҳолатларидаги тажовузкор бўлсин – ўз фикрларини билдириш ва жамиятнинг қолган қисми томонидан эшитилиш ҳуқуқи ва имкониятига эга бўлиши керак.
· Журналистлар экспертлар фикридан тез-тез иқтибос келтириши керак: агар материалда статистик маълумотлардан фойдаланилса, бу, айниқса, муҳим. Экпертлар рўйхатини доимий равишда янгилаб туриш, янги мутахассисларни жалб қилиш (қарашлар, нуқтаи назарларнинг «турғунлиги»ни олдини олиш учун) ва экпертлар сифатида бой ижтимоий тажрибага эга ёки таниқли ва машҳур бўлган эркак ва аёлларни эмас, балки фақат махсус билимга эга бўлганларни кўриб чиқиш керак. Таҳлилий ёки мунозарали материалларни тайёрлашда экспертдан тўғри фикр/иқтибос олиш керак, масалан, абортнинг ахлоқий ёки ҳуқуқий жиҳатларини муҳокама қилиш учун шифокор ёки унинг тиббий оқибатларини муҳокама қилиш учун психолог ёки диний уламони таклиф қилишдан кўра, ўша экспертнинг мутахассислик соҳасидаги билимларига таяниш керак.
Биз гапирадиган, ўқийдиган ва ёзадиган тил нейтрал алоқа воситаси эмас, балки ушбу мулоқотнинг кечиши ва якуний натижасига сезиларли таъсир кўрсатадиган механизмдир. ХХ аср файласуфлари ва олимлари маъноларни яратиш ва ифодалашда табиий тилнинг улкан ролини исботлаб бердилар, бу ҳодиса замонавий тафаккурда «лингвистик бурилиш» сифатида белгиланган. Биз нафақат қандай фикрни ифода этмоқчи эканимиз, балки бунда қандай сўзлардан фойдаланишимиз ҳам муҳим, чунки сўзларимиз, ниятларимиздан қатъий назар, маънони белгилаб бериш хусусиятига эга. Тадқиқотчилар патриархал жамиятда патриархал тил табиий равишда шаклланаши, бу тил умумжамият учун аҳамиятли бўлиб қолган «эркакча» фикрлаш, ҳис қилиш ва хулқ-атвор усулларини ифодалаш учун қулай экани ва аёлларнинг ижтимоий тажрибасини ифодалаш учун фойдаси кам эканини эътироф этади. Дарҳақиқат, узоқ вақт давомида жамоат майдонида жуда кам аёллар бўлгани сабабли, улар эркаклар даражасидаги маданият яратувчиси бўла олмаc эди. Масалан, таниқли ва нуфузли файласуфлар, нотиқлар, шоирлар, сиёсатчилар, тилшунослар, ўқитувчилар, яъни дунёдаги предмет ва ҳодисаларни белгилайдиган янги тушунчалар ва маъноларни киритувчилар орасида аёллар кам бўлган. Натижада, табиий тиллар эркаклар томонидан шаклланган ҳамда воқеалар ва воқелик фактларига нисбатан «эркак нуқтаи назарини» ифодалайди. Шунинг учун, тил, энг камида, аёлларни эътибордан четда қолдиради, бу, масалан, жинси кўрсатилмаган ёки айтилмаган одамга эркакликни билдирувчи олмошидан фойдаланишда ифодаланади. Бу аёллар ўзини ва атрофидаги дунёни идрок этишни акс эттирмайдиган тилдан фойдаланишга мажбур деган хулосага олиб келади. Тилни гендер-нокоррект қўллашнинг энг кенг тарқалган мисолларидан бири бу иккала жинс вакилларига мурожаат қилишда гендер ёрлиқланган олмошлардан фойдаланишдир.
Ушбу фикрни қуйидаги мисолнинг рус ёки инглиз тилидаги таржимаси орқали тушунтириш мумкин:
«Бизга янги мутахассис келди, у яхши ишлайди деб умид қиламиз» ( «К нам пришёл на работу новый специалист, надеемся, что он будет хорошо работать» ). Бу «янги мутахассис» аёл бўлиши ҳам мумкин.
Ёки
«Сўнгги йилларда аёллар тўқиш учун восита ва мосламаларни сотиб олишга камроқ пул сарфлашни бошладилар». Бу жумла гендер-нокорректдир. Уни, масалан, қуйидагича қайта ёзиш мумкин: «Сўнгги йилларда одамлар тўқиш учун восита ва мосламаларни сотиб олишга анча кам пул сарфлай бошлади». Шундай қилиб, гендер-коррект тилдан фойдаланишнинг асосий ғояси субъектнинг жинси айтиб ўтилмаган ёки аниқланмаган ҳолатларда унинг жинсига ишора қилиши мумкин бўлган сўзларни қўлламасликдан иборат.
Рус ёки ўзбек тилларида бу муаммони муайян инсонлар ва уларнинг хусусиятига ишора қилувчи аниқроқ от ва сифатлар ёрдамида ҳал қилиш мумкин.
Кўпгина мамлакатларда гендер тенглигини таъминлаш бўйича Миллий дастурлар ва ҳаракатлар режалари қабул қилинган. Уларда гендер тенглиги соҳасидаги давлат сиёсатини кенг ёритиш ва тарғиб қилиши кузда тутилган ОАВга алоҳида эътибор берилган. Шу билан бирга, ОАВни ушбу сиёсат таъсирининг мақсадли объекти сифатида кўриб чиқиш ҳам тавсия этилади.
Гендер тенглигига эришиш йўналишидаги хорижий Миллий дастурлар ва режалар тажрибасини инобатга олган ҳолда қуйидаги тавсияларни илгари суриш мумкин:
· журналистика факультетлари дастурларида ОАВнинг гендер таҳлили бўйича ўқув курсларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
· ОАВнинг комплекс гендер тадқиқотларини тизимли равишда олиб бориш;
· журналистлар ва ОАВ фаолиятини назорат қилувчи идоралар вакилларининг гендер сезгирлигини ошириш учун махсус таълим дастурларини амалга ошириш;
· ушбу соҳада фаолият олиб борувчи таълим муассасалари ва жамоат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш.
4.4. Медиамониторинг ва оммавий ахборот воситаларининг жавобгарлиги
ОАВда гендер тенглиги тенденцияларини аниқлаш, оммавий ахборот воситаларида аёлларни ноадекват тақдим этишни келтириб чиқарадиган омилларни аниқлаш ва оиладаги зўравонликка қарши курашда ОАВнинг ролини тушуниш мақсадида бутун дунё таҳририятлари ва журналистика уюшмалари медиамониторинг ўтказади ва ахборот ресурслари контентининг ахлоқий меъёрларга мувофиқлиги даражасини, таҳририятларнинг инсон ҳуқуқларини, шу жумладан аёллар ва болаларнинг зўравонликсиз яшаш ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги иштирокини аниқлайди.
Мониторинг методологияси одатда қуйидагиларни ўз ичига олади:
· мақолалар таҳлили (радио ёки телекўрсатувлар):
· мутахассис ва экспертлар сифатида жалб қилинган аёллар ва эркаклар сони;
· аёллар ва эркаклар тасвирларини таҳлил қилиш: сони, роли ва жойлашуви (биринчи ёки охирги саҳифада, янгиликлар бошида ёки охирида жойлашгани);
· бандлик ҳақидаги эълонларни таҳлил қилиш: юқори маошли лавозимларга фақат эркаклар таклиф қилиняптими ёки аёллар ҳам таклиф қилиняптими?
· таҳририят жамоаларининг гендер таҳлили: таҳририятларни ким бошқаради - аёлларми ёки эркаклар, нима учун, янгиликларни ким тайёрлайди, эфирга узатиладиган контентни ким ҳал қилади ва натижа қанчалик мувозанатли?
Мониторинг, шунингдек, аёллар ва эркакларнинг касбий мақомини акс эттиришни кузатиш имконини беради. Кўпинча ОАВда эркаклар сиёсат ва иқтисод бўйича эксперт сифатида, аёллар эса кўнгилочар ва шоу-бизнес вакили сифатида намойиш этилади. Қўлланган эпитетларни ҳам таҳлил қилиш лозим. Одатда эркакларга нисбатан «доно», «қатъиятли», «кучли», «жуда муваффақиятли» каби сифатлар; «қарор қилмоқ», «бажармоқ», «бошқармоқ», «ташкил этмоқ», «тайинламоқ» каби феъллар қўлланилади; булар директор, раҳбар, вазир, маслаҳатчи, бошлиқ, адвокат каби касблар вакилидир. Шу билан бирга, аёлларни тасвирловчи эпитетлар ва феъллар, улар эркаклар билан тенг равишда таълим олиши ва касбий маҳоратга эга бўлишига қарамай, аёлларни ожиз қилиб кўрсатади.
Агар мақолаларнинг сарлавҳаларини таҳлил қилсак, аёл сиёсатчилар ҳақидаги мақолаларда кўпинча профессионал мақомга эмас, балки жинсга урғу берадиган сарлавҳалар қўлланилишини кўрамиз. Эркаклар ҳақидаги мақолалар, ўз навбатида, профессионал ютуқларга урғу беради. Эркаклар ва аёллар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг шериклик модели тасвирланган фотосуратлар ҳар доим ҳам биринчи саҳифаларда ёки сиёсий саҳифаларда ўз ўрнини топа олмайди. Кўпинча газета саҳифаларидаги фотосуратларда гендер стереотиплари ва гендер мувозанати бузилгани тасвирланади. Расмий костюмдаги эркак - сиёсатчилар, раҳбарлар – ҳокимиятни тақсимлайди ва қарор қабул қилади. Ўзбекистон ОАВда эркаклар бош қаҳрамон, аёллар эса тадбирнинг «безаклари» сифатида тасвирланган фотосуратларни тез-тез учратиш мумкин. Бу турли тадбирлар, форумлар, конференциялар, саммитлар ва ҳоказолардан олинган фотосуратлар бўлиши мумкин. Ҳатто аёллар ҳуқуқлари мавзусидаги тадбирларида ҳам эркак маърузачилар кўпинча устунлик қилади ва ОАВ тасвирларида биринчи ўринга чиқади. Аёллар саҳна ортида қолади. Аёллар одатда аудитория ёки ёрдамчи ходимлар сифатида тақдим этилади. Мониторинг натижалари медиадаги муайян камчиликларни, ОАВ ишидаги заиф томонларни кўрсатиб, хулосаларни асослашда
ёрдам беради. Хулоса ва тавсиялар оммавий ахборот воситалари материалларида гендер мувозанатига эришиш бўйича тенглик тўғрисидаги қонунчиликдан бошлаб, таҳририятнинг ахлоқий меъёрларигача бўлган таклифларни ўз ичига олиши керак.
Баъзи ОАВ аёлларни тасвирлаш учун стереотиплар тилидан фойдаланади. Бу ахлоқий қоидаларга мос келмайди. Коррект жумла ва таърифлардан фойдаланиш орқали жамиятнинг барча аъзоларига нисбатан стереотиплар, нафрат ва камситишларни йўқ қилишга ҳисса қўшиш мумкин.
Медиа мониторинги доирасида таҳририят таркибини қисқача таҳлил қилинг: таҳририятда қанча аёл ва эркак борлиги, уларнинг қанчаси материал тайёрлаши ва қанчаси ОАВга раҳбарлик қилишини ҳисобланг. Таҳририятда эркаклар ва аёллар ўртасида вазифалар тақсимланишини баҳоланг, қанча аёл ва эркак раҳбар ва бошқарувчи лавозимларни эгаллаши, шу жумладан, директор, бош муҳаррир, фотосуратчи, сиёсий шарҳловчи ва мухбир бўлиб ишлашини ҳисоблаб кўринг. Шунингдек, сиёсий бўлимларда қанча эркак ва аёл шарҳловчи борлиги; бошқарув тузилмаларида қанча эркак ва аёл ишлаши; ким пул олиши, ким энг катта маош оладиган лавозимларга эга экани ва ким энг кам маош оладиган лавозимларда ишлашини баҳоланг.
Юқоридагиларни умумлаштириб, қуйидаги тавсияларни беришимиз мумкин:
· Миллий ва халқаро қонунчилик жамият ҳаётининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятларни тақдим этиш мажбуриятини юклайди. ОАВ ҳам ўз ресурсларида аёллар овозига тегишли ҳажмни тақдим этиши керак: асосий саҳифада, ижтимоий мансублиги ёки мавқеидан қатъи назар, эркаклар билан тенг равишда.
· Медиа менежерлар бошқарувда журналистик этика масалаларига кўпроқ эътибор беришлари керак. ОАВ саҳифаларидаги мувозанат жамоадаги мувозанатдан бошланади. Аёл журналистлар нафақат мухбир, балки бош муҳаррир сифатида ҳам ишлаши мумкин; аёллар ҳам, эркаклар ҳам сиёсат, иқтисод ҳақида ёзиши ёки суриштирув ўтказиши мумкин.
· Матбуот масалалари бўйича Миллий кенгашни яратиш. Аксарият Европа мамлакатларида, шунингдек баъзи собиқ совет давлатларида таҳририятларни профессионаллаштиришга кўмаклашиш учун матбуот кенгашлари ташкил этилган. Матбуот кенгаши – бу медиа аудитория ва ОАВ ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш орқали истеъмолчиларнинг ОАВдан профессионал ёндашувни талаб қилиш имкониятларини кенгайтириш, журналистика сифатини ошириш ҳамда таҳририятлар ва медиакомпаниялар томонидан журналистик этика принципларига риоя қилишга ёрдам берувчи мустақил профессионал
бирлашмадир. Матбуот масалалари кенгаши (бошқача номланиши ҳам мумкин) нинг функциясига қуйидагилар киради: жамоатчилик аъзоларининг ОАВ материалларидаги ахлоқий меъёрлар юзасидан, шу жумладан ОАВнинг аёллар ва эркаклар, шунингдек, зўравонлик қурбонларини намойиш этиш стандартларига жавоб бермайдиган материаллари бўйича шикоятларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш. Кенгашнинг яна бир вазифаси – матбуот эркинлигини ҳимоя қилишдир. Матбуот кенгашлари журналистларнинг профессионал стандартларга риоя қилишларини таъминлаш, шунингдек, медиа инсон ҳуқуқларини бузса, оммавий ахборот воситаларидан норози бўлган одамлар шикоят қилишлари мумкин бўлган механизмларни белгилаш учун масъулдир. Матбуот кенгашлари одамларга шикоятларни бепул ва адвокатсиз беришга имкон беради, бу эса оммавий ахборот воситаларига ишончни
оширишга ёрдам беради.
Мавзу, сарлавҳа, жумла ва таърифлар, калит сўзларга эътибор бериш керак.
Журналистикада гендер сезгир ва тўғри ёндашувни қўллаш бўйича тавсиялар ва гендер сезгирлиги бўйича назорат рўйхати
· Гендер масалалари ҳақида фақат «тарафдор» ёки «қарши» форматда хабар бериш ва муҳокама қилишдан сақланинг: бу ҳодиса мавжуд бўлиши керакми (масалан, оталар бола парвариши учун таътил олиши керакми ёки аёллар армияда хизмат қилиши керакми) ёки уни тақиқлаш керакми; агар уни тақиқлаш мумкин бўлмаса, унга қандай ёрлиқ бериш керак – ижобий ёки салбий.
· Гендер масалаларини тезкор ва аниқ ечимларга эга бўлмаган тўлиқ мураккаблик ва кўп қирралиликда намойиш этишга интилинг. Аслида, журналистик материалларда мураккаб муаммоларга оддий ечимларни таклиф қилиш мумкин эмас.
· Гендер масалаларини стереотиплашдан қочишга ҳаракат қилинг, яъни муаммога аёл ва эркак ижтимоий ролларига анъанавий ёндашувлар нуқтаи назаридан ёндашмаслик, уни у ёки бу усулда муайян бир жинснинг «табиий вазифаси» билан боғлиқ бўлган ҳар қандай масалалар билан белгилаш мумкин эмас. Гендер масалаларини ёритишда асосий хато: оддий ечимларни топиш ҳамда уларни аёллар ва эркакларнинг «анъанавий вазифаси» даражасигача пасайтириш.
· Гендер тенглиги мавзусини кўтариш ва уни кенг ёритиш керак. Бу журналистларга ўз ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун деярли чексиз имкониятлар яратади. Ҳар куни ҳаётнинг ўзи замонавий эркак ва аёллар ҳаётининг турли соҳалари ва фаолияти билан боғлиқ кўплаб ахборот сабабларини тақдим этади. Бу айни дамда содир бўлаётган воқеалар (масалан, шаҳарда оиладаги зўравонлик қурбонлари учун махсус марказининг очилиши ёки гендернинг иқтисодий жиҳатлари бўйича социологик тадқиқот) бўлиши мумкин, уларга асосланиб репортаж, ахборот материаллари, эслатмалар, ёзишмалар ва интервьюлар яратилади. Шунингдек бу реал одамлар ва ҳатто журналистларнинг ўз ҳаётидан ҳикоялар бўлиши ҳам мумкин, чунки улар ҳам жамиятда нафақат одамлар, балки эркаклар ва аёллар сифатида намоён бўлади, яъни бизнинг барча ҳаракатларимиз гендер ўлчовига эга. Шунинг учун, харид қилишдан тортиб, машина ҳайдашгача бўлган ҳар қандай кундалик фаолият – барчаси гендерга оид журналистик материаллар учун тўғридан-тўғри маълумот бўлиши мумкин.
· Ўзингиз ахборот учун сабаблар ва ижобий ҳисларга сабаб бўлувчи боғлиқликларни яратинг. Бундай сабаблар анъанавий «аёллар» байрамлари (масалан, 8 март, Оналар куни, Оила куни, Аёллар куни) бўлиши ҳам мумкин, «эркаклар» касблари билан боғлиқ бўлган таркибий байрамлар бўлиши ҳам мумкин. ЙҲХ хизмати ходимини топинг ва ундан интервью олинг, аёл прокурор ҳаётидан бир кун ҳақида материал ёзинг ёки ўт ўчирувчи аёл бошчилигидаги қутқарув операцияси ҳақида репортаж тайёрланг.
Асосий тематик устуворликлар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
· Сиёсат, қарор қабул қилиш ва гендер тенглиги.
· Аёллар ва эркакларнинг меҳнат ҳуқуқлари, ишсизлик ва тадбиркорликнинг гендер жиҳатлари.
· Гендердан қатъи назар, эркак ва аёллар шахсининг шаклланиши ва ўзини ўзи англашии.
· Аёллар ва эркакларнинг репродуктив ҳуқуқлари.
· Гендер тенглиги контекстида оила, шу жумладан, оиладаги зўравонлик
муаммоси.
· Замонавий маданиятдаги гендер стереотиплари.
Масалан, «Гендер тенглиги контекстида оила» мавзуси жамоатчилик эътиборини уй юмушларини тақсимлашдаги гендер тенгсизликка қаратишга имкон беради. Масалан, ишлаб чиқаришда аёлларнинг бандлиги даражаси тез ўсиши ва уларнинг сиёсатдаги иштироки нисбатан ошишига қарамай, улар овқат пишириш, уй тозалаш ва ҳоказоларга эркакларга қараганда 5-10 баробар кўпроқ вақт сарфлайди. Натижада, аёлларнинг умумий меҳнат юкламаси (иш ва уй) ҳафтасига ўртача эркакларникига қараганда 16 соат кўпроқ 22 .
Соғлиқни сақлашнинг гендер муаммолари мавзуси қизиқарли ва истиқболлидир: ким тез-тез ва узоқ вақт касал бўлади: эркаклар ёки аёллар; «аёл» ва «эркак» касалликлари мавжудми; давлат соғлиқни сақлаш соҳасини гендер ва жинсига қараб қандай молиялаштиради; эркак ва аёллар касаллик ҳолатида ўзини қандай тутади, уларнинг қай бирининг хатти-ҳаракати касалликнинг олдини олишга ва/ёки эрта тикланишга кўпроқ ҳисса қўшади ва ҳоказо.
Шу билан бирга, ҳар бир мавзу ўз кичик мавзуси, саволлари ва диққат марказига эга бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, оммавий ахборот воситаларида гендер масалаларини ёритиш кундалик ҳаёт тажрибасига таяниш, «табиий» ва махсус ишлаб чиқилган кўплаб ахборот сабабларидан фойдаланиш, кўп жанрли материаллар яратиш, доимий рукн ва колонкаларни олиб бориш имконини беради.
Муҳаррирнинг гендер сезгирлигини текшириш бўйича назорат рўйхати 23
· Гендер муносабатларининг бирор жиҳатлари акс этганми?
· Унда айтилганларни тасдиқлаш учун сўнгги маълумотлар борми?
· Турли фикрларни акс эттирганми?
· ОАВда намойиш этилмаган аёлларга гапириш имконини берадими?
· Одамларни гендер стереотипларга мос келувчи ролларда намойиш этишдан қочадими?
· Ирқий, этник, табака ва ёш фарқлари ҳисобга олинганми?
· Инклюзив ва носексистик тил қўлланганми?
· Оддий одам учун тушунарли бўлган атамалар ишлатилганми?
· Контекст, таҳлил ва қизиқарли кириш қисми мавжудми?
· Ахборот манбаи сифатида иштирок этувчи инсонлар билан суҳбатлар борми, аниқроғи, уларда бошқа нашрлардан олинган материал ёки бошқа ёзма материал борми?
· Гендер линзаси доимий қўлланганми?
· Материалда «Нима учун?» деб сўралганми?
Қўшимча савол:
· Нима учун мақола (вазиятнинг тавсифи) бундай қилмайди, деб сўралганми?
_____________________________________________________________________________________________
1. https://www.vsemirnyjbank.org/ru/news/opinion/2020/04/13/gender-equality-why-it-matters-especially-in-a-time-of-crisis
2. «Гердер аудитини ўтказиш бўйича қўлланма. ХМТ гендер аудитининг фаол иштирок этиш принципига асосланган методологияси», ХМТ, 2007, 145 б.
3. https://lex.uz/docs/5841063 Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» 2022 йил 28 январдаг ПФ-60-сон Фармони.
4.«Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенция https://www.un.org/ru/documents/decl_conv/conventions/cedaw.shtml
5.https://t.me/zoravonlikkayol_yoq netnasiliyu
6.https://telegra.ph/32-783-zhenshchinam-postradavshim-ot-pritesneniya-i-nasiliya-byli-vydany-ohrannye- ordera-10-03
7. Қаранг: Сидорская И., Раду А. Гендер и СМИ. Учебное пособие для журналистов. /https: // elib.bsu.by/bitstream
8. https://podrobno.uz/cat/proisshestviya/devushka-vymogala-15-min-sumov-u-podrugi-za-nerasprostranenie-ee-intimnykh-foto-/
9. https://podrobno.uz/cat/proisshestviya/devushka-vymogala-15-min-sumov-u-podrugi-za-nerasprostranenie-ee-intimnykh-foto-/
10. https: //www.gazeta.uz/ru/2022/10/25/bomb/#
11. https: //podrobno.uz/cat/proisshestviya/devushka-vymogala-15-min-sumov-u-podrugi-za-nerasprostranenie-ee-intimnykh-foto-/
12. М. Товбаева, С. Умматова «Проблемы семей в условиях режима самоизоляции и карантина при COVID- 19», Сборник материалов республиканской научно-практической конференции «Актуальные задачи и проблемы поддержания мира и согласия в семье в условиях пандемии» (10 мая 2021 года), Научно- исследовательский институт «Махалля и семья»
13. Каримова Д.Н. Гендерное равноправие в семье: стереотипы и факты/https://fmr.uz/files/publications/ru/951581.pdf
14. https://digitallibrary.un.org/record/3966403?In=en
15. Соколова Е.А КОМПЛЕКС ГЕНДЕРНЫХ СТЕРЕОТИПОВ В МЕДИЙНОМ ПОРТРЕТЕ ЖЕНЩИНЫ В МЕСТНОЙ ПРЕССЕ //Фундаментальные исследования. - 2013. - No 1 (часть 3) - С. 775-779
16. https://rus.ozodlik.org/a/31905273.html
17. https://hordiq.uz/2022/07/08/uzbekistonlik-ayol-rossiyada-qiz-tugib-chaqalogini-daryoga-uloqtirdi/
18. Учебное пособие по гендерно-этической журналистике и надлежащей политике медиакомпаний. Книга 2: Практические ресурсы, 2012, стр.60-62
19. Освещение в СМИ проблемы насилия против женщин и девочек: Руководство для журналистов. ЮНЕСКО, 2020, стр .120
20. Освещение в СМИ проблемы насилия против женщин и девочек: Руководство для журналистов. ЮНЕСКО, 2020, стр .131
21. Кулинка, Н. Гендерно-корректная коммуникация: Краткое пособие. [Электронный ресурс). Доступно на: URL: http://gender.do.am/publ/genderno korrektnaja_kommunikacija/5-1-0-144 (режим доступа - свободный).
22. Смирнова О. В. Интеграция гендерного подхода в журналистское образование: российский контекст / Медиаскоп: Электронный научный журнал Факультета журналистики МГУ им. М. В. Ломоносова, 2011. - Выпуск 4. - Режим доступа: http: // www.mediascope.ru/node/96
23. Учебное пособие по гендерно-этической журналистике и надлежащей политике медиакомпаний Книга 2: Практические ресурсы.,2012, стр.63